Тожикистоннинг Хўжанд шаҳридаги 16-мавзеда жойлашган қаттиқ режимли колонияда чиққан маҳкумлар исёнини бостириш чоғида бир неча киши ҳаётдан кўз юмди.
Қамоқхонадаги тартибсизлик 8 ноябрга ўтар кеча бошланган, дея маълум қилди “Озодлик”нинг тожик хизмати манбаси.
Исён сабаби ҳозирча номаълум. Қамоқхонага милициянинг махсус топшириқларни бажарувчи гуруҳи ташланган, исён бостирилган. “Исёнчилар совуқ қурол билан қуроллангандилар. Фавқулодда ҳодиса сабабларини ўрганиш учун суриштирув бошланган”, дея қайд этди манба.
Унинг айтишича, исённи бостириш чоғида одамлар ўлган. “Қанча одам ўлгани ва жабрлангани ҳали аниқ эмас. Мендаги маълумотларга кўра, бир неча маҳкум қочишга уринаётган пайтда жабрланган. Улардан айримлари муассаса ҳудудини тарк этишга муваффақ бўлганлар”, деди у.
Аввалроқ чоршанба куни соат 22.30 дан 23 гача колония ҳудудидан отишма саслари келгани ҳақида хабар қилинганди. Бироқ Хўжанд шаҳар Жазони ўташ муассасалари бошқармаси бу маълумотни рад этган, айни пайтда тревога эълон қилинганини тасдиқлаган.
Гувоҳларга кўра, барча йўллар, шунингдек, қўшни Ўзбекистон ва Қирғизистонга олиб борувчи трассаларга кучайтирилган постлар қўйиб ташланган. Тожикистон расмийлари Хўжанд қамоқхонадаги исён ҳақида ҳали расмий маълумот тарқатганларича йўқ.