Россия пойтахти Москва яқинидаги Сахарово қишлоғида жойлашган Чет эл ватандошларини вақтинчалик сақлаш марказида тутиб турилган ўзбекистонликлар Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси ҳисобидан юртига қайтарилади.
Бу ҳақда Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Facebook тармоғидаги ўз саҳифаси орқали маълумот тарқатди.
Хабарномага кўра, Россияга сафар қилган вазирлик вакиллари шу йилнинг 31 октябрь куни “Сахарово” вақтинчалик сақлаш марказига борганлар. Марказ маъмурияти ўзбек делегациясидан паспорти бўлмаган (йўқолган) ватандошларга Ўзбекистон элчихонасининг консуллик бўлими томонидан Ватанга қайтиш сертификатини расмийлаштириш ишларини тезлатиш ҳамда вақтинча сақлаш марказида тутиб турилган шахсларга сертификат беришда улардан консуллик йиғимини олмаслик юзасидан кўмак сўраганлар.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги “Сахарово”да тутиб турилган ўзбек муҳожирлари билан ҳам суҳбат ўтказган, уларнинг шароити билан танишган. Уларга зарур ҳужжатлар ҳозирланганидан кейин Жамғарма ҳисобидан Ўзбекистонга қайтарилишлари айтилган.