Бош прокуратураси Бекободдаги 8-сонли боғча тарбияланувчиларининг овқатдан заҳарланишига оид ҳолат юзасидан баёнот эълон қилди.
Банёнотда айтилишича, ҳолатни Бекобод шаҳар прокуратураси текширмоқда.
"Шаҳар тиббиёт бирлашмасининг 10.11.2018 йилдаги маълумотномасига кўра, мурожаат қилган шахсларнинг соғлиги даражаси ўртача оғирликни ташкил этиб, «овқат токсикоинфекцияси» ташҳиси қўйилганлиги кўрсатилган. Бош прокуратура томонидан текширув ҳаракатлари устидан тегишли назорат ўрнатилган", дейилади баёнотда.
9 ноябрь куни Тошкент вилояти Бекобод туманидаги 8-сонли боғчада, музлатгич ишламагани боис, 59 бола ва 3 ходим овқатдан заҳарланди.
Gazeta.uz нашрининг Ўзбекистон Мактабгача таълим вазирлигига таяниб хабар қилишича, бу боғчада заҳарланган 62 киши 9-10 ноябрь кунлари туман тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар бўлимига ётқизилган. Уларга дастлаб, "ўткир гастрит, гастроэнтерит" ташхиси қўйилган.
Сўнгги хабарларга кўра, беморларда оғир ҳолатлар қайд этилмаган, 7 нафар боланинг ҳолати ўртача, қолганлари эса ўртача оғир ҳолатда қолмоқда.
Нашрнинг хабар қилишича, 10 ноябрь кечга қадар 20 киши шифохонадан чиқарилган, 11 ноябрь куни ҳам бир неча беморга жавоб берилиши айтилган.
Вазирликка кўра, текширувлар вақтида боғчадаги маиший музлаткич маркаланмагани ва носоз ҳолатда экани аниқланган. Тиббий ҳамширанинг эса маҳсулот сифатини текшириш учун кунлик намуна олмагани айтилмоқда.
Ҳозирда Бекобод прокуратураси Ўзбекистон Жиноят кодексининг 257−1- модда 1- қисми бўйича («Санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш») жиноий иш қўзғатган.
Расмий маълумотга кўра, тумандаги 8-сонли боғча 280 ўринга мўлжалланган, аммо ҳозирда жами 235 бола бу боғчага қатнайди. 9 ноябрь куни 205 бола боғчада бўлган.