Бекободда 59 бола овқатдан заҳарланган боғча ёпилди

Ўзбекистондаги боғчалардан бирининг ўйин майдончаси (иллюстратив сурат)

Тошкент вилояти Бекобод туманида музлатгич ишламагани боис, 59 бола ва 3 ходим овқатдан заҳарланди, ҳодиса содир бўлган 8-сонли боғча вақтинча ёпилди.

Gazeta.uz нашрининг Ўзбекистон Мактабгача таълим вазирлигига таяниб хабар қилишича, бу боғчада заҳарланган 62 киши 9-10 ноябрь кунлари туман тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар бўлимига ётқизилган. Уларга дастлаб, "ўткир гастрит, гастроэнтерит" ташхиси қўйилган.

Сўнгги хабарларга кўра, беморларда оғир ҳолатлар қайд этилмаган, 7 нафар боланинг ҳолати ўртача, қолганлари эса ўртача оғир ҳолатда қолмоқда. Нашрнинг хабар қилишича, 10 ноябрь кечга қадар 20 киши шифохонадан чиқарилган, 11 ноябрь куни яна бир неча беморга рухсат берилиши режаланган.

Вазирликка кўра, текширувлар вақтида боғчадаги маиший музлаткич маркаланмагани ва носоз ҳолатда экани аниқланган. Тиббий ҳамширанинг эса маҳсулот сифатини текшириш учун кунлик намуна олмагани айтилмоқда. Бундан ташқари, боғчада сабзавот ва илдиз мевали ўсимликларни тозалаш учун алоҳида хона бўлмаган.

"Эпидемияга қарши чораларни мувофиқлаштириш ва маҳаллий мутахассисларга методик ёрдам бериш учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги Эпидемиология, микробиология ва инфекцион касалликлар ИТИ директори, профессор Н.Отабеков ҳамда республика Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бош врачи Б.Алматов бошчилигидаги инфекционистлар ва эпидемиологлар гуруҳини жўнатди", деб ёзади нашр.

Бош прокуратураси Бекободдаги 8-сонли боғча тарбияланувчиларининг заҳарланишига оид ҳолат юзасидан 10 ноябрь куни расмий баёнот эълон қилди.

Банёнотда айтилишича, ҳолатни Бекобод шаҳар прокуратураси тергов қилмоқда.

"Шаҳар тиббиёт бирлашмасининг 10.11.2018 йилдаги маълумотномасига кўра, мурожаат қилган шахсларнинг соғлиги даражаси ўртача оғирликни ташкил этиб, «овқат токсикоинфекцияси» ташҳиси қўйилганлиги кўрсатилган. Бош прокуратура томонидан текширув ҳаракатлари устидан тегишли назорат ўрнатилган", дейилади баёнотда.

Ҳозирда Бекобод прокуратураси Ўзбекистон Жиноят кодексининг 257−1- модда 1- қисми бўйича («Санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш») жиноий иш қўзғатган.

Расмий маълумотга кўра, тумандаги 8-сонли боғча 280 ўринга мўлжалланган, аммо ҳозирда жами 235 бола бу боғчага қатнайди. 9 ноябрь куни 205 бола боғчада бўлган.

Бу Бекобод туманида болаларга нисбатан масъулиятсизлик билан муносабатда бўлишга оид сўнгги 5 кун ичида Озодликка маълум бўлган иккинчи ҳолат.

7 ноябрь куни Озодлик айни туманда эмлаш ҳамшираси пахтага чиқарилгани ортидан 7 нафар бола нотўғри эмланганини аниқлаган эди.

7 ноябрь куни Озодликка боғланган бекободлик ота-оналар 3 ëшдан 6 ëшгача бўлган 7 нафар болага календарга мувофиқ гепатит "А" ўрнига, гепатит "Б"га қарши катта дозада эмлаш қилинганини даъво қилиб, тиббиëт ходимларини жазолаш ва ўз фарзандларининг мустақил тиббий текширувдан ўтказишни талаб қилишган.

Ота-оналарга кўра, бу воқеа 25-26-27 октябрь кунлари Бекобод шаҳридаги Металлург шифохонасига қарашли болалар поликлиникасида содир бўлган. Озодлик гаплашган ҳамширага кўра, касалхона раҳбарияти бу хатоликдан хабар топгач, ота-оналарни огоҳлантириш ўрнига, воқеани бекитишга уринган.