Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон ҳамда Ливия ватандошлари бундан буён Туркияда 90 кунгача визасиз юришлари мумкин. Бу ҳақда президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон томонидан имзоланган қарор “Расмий газета”да эълон қилинди, деб ёзади Анадўлу ахборот агентлиги.
Туркия президенти қарорида ўзбекистонликлар 180 кун ичида 90 кундан ошмаган муддатда мамлакатда визасиз юриши мумкинлиги қайд этилган. Шу кунгача ўзбекистонликлар Туркияда 30 кунгача визасиз юриш имкониятига эга эдилар.
Туркияга кетаётган ўзбекистонликларнинг кўпи у ерда асосан хизмат секторида фаолият юритади. Айни пайтда бу мамлакатда қанча ўзбек муҳожири ишлаётгани ҳақида аниқ маълумот йўқ.
Ғарб давлатлари Қрим аннексияси боис жорий қилган санкциялар ортидан Россияда иқтисодий муаммолар бошлангани ортидан бу ерда ишлаётган кўпгина муҳожирлар Туркияга отлангани айтилади. Шу билан бирга, Ислом Каримов вафотидан кейин Тошкент билан Анқара ўртасидаги муносабатлар илий бошлаганидан сўнг Туркия олийгоҳларига бориб ўқишни истаган ўзбек ёшлари ҳам кўпая бошлаган.
Айни пайтда Туркияга борган ўзбекистонликлар “иқома” (яшаш учун рухсатнома) олишда турли муаммоларга дуч келиб туриши айтиб келинади.