Саудия прокурори Хашогги қотилларига ўлим жазоси сўради

Саудия прокурори Хашогги иши бўйича баëнот берди.

Reuters агентлигининг билдиришича¸ Саудия Арабистони журналист Жамол Хашоггини ўлдирганликда айбланаëтганлардан беш нафарига ўлим жазоси берилишини сўраган.

Риëдда ўтказилган матбуот анжуманида прокурор¸ Ал-Жазира каналига кўра¸ Саудия қироллиги вакилларининг журналист билан музокаралари натижасиз тугаганидан сўнг бу бешала шахс Хашоггини заҳарлаб ўлдириш ва жасадини майдалашга буйруқ берган.

Саудия ҳукмдорларига мухолиф қарашдаги журналист Хашогги 2 октябрь куни Истанбулдаги Саудия қироллиги консулхонаси биносида ўлдирилган.

Риëд бу қотилликни у ҳақдаги хабар тарқаганидан уч ҳафта ўтиб¸ эътироф этишга мажбур бўлган эди. Саудия прокурорлари журналистнинг укол воситасида ўлдирилганини айтмоқда.

Хашоггини ўлдиришда гумонланиб 18 нафар саудиялик шахс ҳибсга олинди¸ қироллик ҳукмдорлари¸ хусусан¸ валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон бу режадан бехабар бўлганини иддао қилмоқда.