Жиззах вилоятида ўқитувчилардан маҳаллий футбол клуби учун 272 миллион сўмдан кўпроқ пул йиғилгани аниқланди ва ҳозирда пулларни эгаларига қайтариш бўйича чоралар кўрилмоқда. Халқ таълими вазирлиги 15 ноябрда мана шундай маълумотни эълон қилди.
Жиззах вилоятидаги мактабларнинг ишчи-ходимлари ойлигидан бир кунлик иш ҳақи (ўртача 70-100 минг сўм оралиғида) “Сўғдиёна” футбол клуби ҳисобига ўтказилётгани тўғрисида Озодлик 6 ноябрда хабар қилган эди.
Вазирлик қошидаги Ҳуқуқий-назорат хизматининг аниқлашича, Жиззах вилояти ҳокими 2 ноябрда “Сўғдиёна профессионал футбол клубининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш тўғрисида” фармойиш берган.
Фармойиш асосида 3-4 ноябрь кунлари умумхалқ ҳашари уюштирилиб, вилоятдаги 10 та туман халқ таълими бўлимига қарашли мактаблар ишчи-ходимларининг бир кунлик иш ҳақларидан 272 миллион 156 минг 729 сўм миқдоридаги пул футбол клубига ўтказиб берилган.
“Таъкидлаш лозимки, ҳокимнинг бу фармойиши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 майдаги 349-сонли “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорига зид равишда қабул қилинган”, дейилади расмий хабарда.
Халқ таълими вазирлигининг Ҳуқуқий-назорат хизмати аралашувидан сўнг Жиззах вилояти ҳокимининг фармойиши бекор қилинган. Йиғилган маблағларни эса эгаларига қайтариш чоралари кўрилмоқда.