Ўзбекистонда Экологик партия тузиш ташаббусини илгари сурган гуруҳ пайдо бўлди

Ўзбекистон Экологик ҳаракати сайти

Ўзбекистонда экологик партия ташкил этиш истагида бўлган фуқаролардан иборат ташаббускорлар гуруҳи тузилди.

ЎзА агентлигининг хабар қилишича, ташаббускорлар “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги қонунининг 6-моддасига асосан ҳаракатга киришган.

Ҳозирча бу гуруҳнинг асосий ғояси ва дастури нимадан иборат, уларнинг мамлакатда мавжуд Ўзбекистон экологик ҳаракатига алоқаси борми-йўқми - бу ҳақда расмий маълумот берилмади.

Ҳозир Ўзбекистонда 4 та сиёсий партия: Ўзбекистон Халқ-демократик партияси, "Миллий тикланиш" демократик партияси, "Адолат" социал-демократик партияси, кейинги йилларда етакчилик қилиб келаётган Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати бўлган Ўзбекистон либерал-демократик партияси (ЎзЛиДеП ) рўйхатга олинган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Экологик ҳаракати рўйхатга олинган ва бу ҳаракат қолган 4 сиёсий партияга берилмаган ваколат - ўз олий органи бўлган Конференция томонидан 15 вакилини депутатликка сайлаб, Қонунчилик палатасига киритиш ваколатига эгадир.