Саудия Арабистони журналист Хашоггининг ўлими сиёсийлаштирилишига қарши

Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири Одил ал Жубайр.

Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири Одил ал Жубайр Ар Риёдда ўтган матбуот анжуманида халқаро ҳамжамиятни журналист Жамол Хашогги ўлимини сиёсийлаштирмасликка чақирди.

-Биз бу иш сиёсийлаштирилишини истамаймиз ва Қиролликнинг ички ишларига ҳар қандай аралашувга йўл бермаймиз. Биз Қироллик кескин ва аёвсиз танқид қилинаётганини асоссиз ҳамда мантиқсиз деб ҳисоблаймиз. Қироллик доно раҳбар томонидан бошқарилмоқда ва у бу жиноятда иштирок этган барча одамларни жазолашга кўрсатма берди,-деди вазир.

16 ноябрь куни Қўшма Штатлар журналист Жамол Ҳашшогини ўлдиришда иштирок этганликда гумонланаётган 17 нафар саудияликка нисбатан иқтисодий санкциялар жорий этган эди. Уларнинг орасида валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмоннинг бош ёрдамчилари Сауд ал Қаҳтаний ва Моҳир Мутриб ҳам бор. АҚШ Қахтаний Хашоггининг ўлдириш режасига раҳбарлик қилганлардан бири бўлган, деб гумонламоқда.

Санкция жорий этилган шахсларнинг АҚШдаги бойликлари музлатилади ва АҚШ фуқароларига улар билан ҳамкорлик қилиш тақиқланади.

Аввалроқ Саудия ҳукмдорларига мухолиф қарашдаги журналист Хашогги 2 октябрь куни Истанбулдаги Саудия қироллиги консулхонаси биносида ўлдирилгани аниқлангани хабар қилинган эди. Агентликлар Хашшогини ўлдирганликда гумонланган 21 одам Саудияда қўлга олинганини билдирган.