Reuters агентлигининг ўз манбаларига таяниб хабар қилишича¸ Саудия қироллик оиласининг ўнлаб аъзоси журналист Жамол Хашшоги ўлимидан сўнг валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмонни тахтга яқинлаштирмасликни сўрамоқда.
Ғарб ахборот воситаларига кўра¸ АҚШ Марказий разведка бюроси журналист валиаҳд шаҳзода буйруғи билан ўлдирилган¸ деган хулосага келган.
Reuters агентлиги хабарида айтилишича¸ қироллик оиласи аъзолари ҳозирги подшоҳнинг туғишган укаси – шаҳзода Аҳмад номзодини қўлламоқда. Тахминларга кўра¸ Ғарб ҳукуматлари ҳам Хашшоги ўлимидан сўнг давом этаëтган сиëсий можаро фонида айни номзодни қўллаш тарафдори. Валиаҳд шаҳзодани танқид қилиб келган шаҳзода Аҳмад Хашшоги ўлимидан сўнг Лондондан Риëдга қайтди.
Айни пайтда валиаҳд шаҳзода мухолифлари¸ 82 яшар подшоҳнинг ўз севимли ўғлини тириклигида ворисликдан четлатишига ишонмасликларини ҳам билдирган.
Валиаҳд шаҳзода сиëсатининг танқидчиларидан бўлган журналист Хашшоги 2 октябрь куни Саудия Арабистонининг Истанбулдаги консуллиги биносида ўлдирилди.
Воқеадан уч ҳафта ўтиб¸ қотиллик бўлганини тан олган Саудия қироллиги¸ унга алоқадорликда гумонланган 21 шахснинг ҳибсга олинганини билдирди. Ўтган ҳафта Саудия прокурори улардан беш нафарига ўлим жазоси сўради.
Айни пайтда прокурорлар қироллик оиласи¸ хусусан¸ валиаҳд шаҳзоданинг бу қотиллик режасидан бехабар бўлганини иддао қилмоқда.