Жорий йилги пахта теримида одамларни мажбурий меҳнатга жалб қилган 200 нафар раҳбар жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда 21 ноябрь куни Халқаро меҳнат ташкилотининг пахта терими мониторинги хулосалари муҳокамасида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев маълум қилди.
Вазирнинг айтишича, жавобгарликка тортилганларнинг 30 фоизи ҳокимлар ва ҳуқуқ -тартибот органлари раҳбарларидир. Уларга нисбатан ишдан бўшатиш ёки амал даражасини пасайтириш каби чоралар кўрилган.
Шерзод Кудбиев бош вазир ўринбосари Зойир Мирзаев Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида 6 кишини ариқдаги сувга тушириб, таҳқирлагани воқеасини ҳам эслаб ўтди.
Мазкур воқеа ортидан Зойир Мирзаев бош вазир ўринбосари лавозимидан олиниб, Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманига ҳоким этиб тайинланган эди.