Россия шахсга оид маълумотлар хавфсизлигини кучайтиришни режалаштирмоқда

Россия Британияда собиқ жосус Сергей Скрипаль ҳамда унинг қизини заҳарлаган икки агенти шахси ошкор қилиниши ортидан кескин танқидга учради.

Россияда давлат агентликларидан шахсга оид маълумотлар сизишининг олдини олиш чораларини белгилаб қўйувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Кейинги йилларда Россиянинг хориждаги махфий разведка амалиётларида қатнашгани айтилаётган бир неча шахснинг шахсига оид маълумотлар ёйинланди.

Россия коммуникация вазирлиги ишлаб чиққан қонун лойиҳаси расмий манбалардаги шахсга оид маълумотлар базаларини рухсатсиз ёйинлашни ман этишни кўзлайди.

22 ноябрь куни чоп этилган лойиҳа муқаддимасида ёзилишича, у президент Владимир Путиннинг ўтган йилги фармойиши асосида ишлаб чиқилган. Аммо қонун лойиҳасида рус разведкаси ходимлари билан боғлиқ ҳолатлар ҳақида ҳеч нима дейилмаган.

Янги лойиҳа қонун кучига киргач, шахсий маълумотларни тўпловчи давлат агентликлари уларни эълон қилиш учун Федерал хавфсизлик хизмати билан маслаҳатлашиши керак бўлади.

Россия Британияда собиқ жосус Сергей Скрипаль ҳамда унинг қизини заҳарлаган икки агенти шахси ошкор қилиниши ортидан кескин танқидга учради.

Россияда шахсга оид маълумотларни ёйинлаш ман этилган бўлса-да, россияликларнинг шахсий маълумотлари сотиладиган қора бозор юзага келган. Айрим шахсий маълумотларни эса осонликча Интернетда топиш мумкин.