Аралаш жанглар устаси, "Осиё айиғи" лақаби билан танилган Мурод Хонтўраев 26 ноябрь куни тахминан 14:30 да "Тошкент" савдо маркази яқинида пичоқланди ва шифохонага ётқизилди. Озодликда мавжуд маълумотларга қараганда, спортчи 1-шаҳар клиник шифохонасига ётқизилган.
Хабарда айтилишича, Мурод Хонтўраевнинг сонига икки марта пичоқ урилган ҳамда кўкрак қафаси лат еган. Шифокорлар жабрланувчининг ҳолатини қониқарли деб баҳолаган. Спортчига ҳужум қилган шахснинг кимлиги аниқланганича йўқ.
Мазкур ҳолат бўйича Ўзбекистон Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми (безорилик) бўйича жиноий иш қўзғатилди.
Мурод Хонтўраев жорий йилнинг 20 июнь куни Тошкентдаги "Аурум 898" тунги клуби яқинида безорилик қилганликда айбдор деб топилиб 16,2 миллион сўм жаримага тортилган эди.
Юнусобод туманидаги "Аурум 898" клубида 8 августдан 9 августга ўтар кечаси, тахминан, соат 00:25 ларда пичоқбозлик оқибатида эркин кураш бўйича халқаро тоифадаги спорт устаси, 25 ёшли Жамшид Кенжаев ҳалок бўлган эди.