Этник қозоқлар Хитой ҳукумати уларга Қозоғистонга қайтишга тўсқинлик қилаётганини айтмоқдалар

Олмаотада ўтган йиғинлардан бирида хитойлик қозоқлар "қайта тарбиялаш лагерлари"даги қариндошларининг суратларини кўтариб туришибди.

Шинжон-Уйғур мухториятидан тарихий ватанларига келган этник қозоқлар Остонада 26 ноябрь куни матбуот анжумани ўтказиб, Хитой ҳукумати уларнинг Қозоғистонга қайтишига тўсқинлик қилаётганини билдирдилар.

Матбуот анжумани иштирокчиларининг таъкидлашларича, Хитой ҳукумати уларга Қозоғистонга боришни тақиқлаб қўйган. Этник қозоқларнинг айримлари Қозоғистонда доимий яшаш ҳуқуқига эга бўлганига қарамай, Бейжин уларнининг Шинжон-Уйғур мухториятига қайтишга мажбурламоқда. Хитойга қайтиб борган этник қозоқлардан эса Қозоғистон ҳукумати берган ҳужжатлар ва Хитойнинг хорижга чиқиш паспорти олиб қўйилмоқда.

Хитойда этник озчилик вакиллари, жумладан, қозоқларнинг таъқиб қилинаётганига оид хабарлар 2017 йил апрелидан ёйила бошлаган.

Шинжон-Уйғур мухториятида Хитой ҳукумати томонидан ташкил қилинган “қайта тарбиялаш лагерлари”да уйғурлардан ташқари минглаб қозоқлар ҳам сақланаётгани тўғрисида хабарлар пайдо бўлганидан сўнг Остона ноябрь ойлари бошларида Хитойнинг Қозоғистондаги элчихонасига нота йўллаган.