Қирғизистонда яшаётган хитойлик этник қирғизлар президент Сўўрўнбай Жээнбековга мактуб йўллаб, Хитойдаги «қайта тарбиялаш лагерлари»дан қариндошларининг озод этилишига кўмаклашишни илтимос қилдилар.
26 ноябрда эълон қилинган «Очиқ хат»да айтилишича, бугунги кунда Шинжон-Уйғур мухториятида камида 50 минг нафар этник қирғиз «қайта тарбиялаш лагерлари»га қамалган.
Бундан аввал Қозоғистонга кўчиб келган хитойлик этник қозоқлар ҳам Олмаотада бир неча тадбир ўтказиб, қозоқ ҳукуматини «қайта тарбиялаш лагерлари»даги яқинларини озод этишга кўмаклашишга чақирган эди.
БМТнинг август ойида ўтказган текшируви натижасида Шинжон-Уйғур мухториятида 1 миллионга яқин мусулмон «экстремизмга қарши кураш» баҳонасида «қайта тарбиялаш лагерлари»да сақланаётгани аниқланган. Хитой бу маълумотларни инкор қилиб келмоқда.
Шинжон-Уйғур мухториятининг Қизилсув қирғиз автоном туманида 200 минг этник қирғиз истиқомат қилади.