"Осиё айиғи" лақаби билан танилган аралаш жанглар устаси Мурод Хонтўраевга номаълум одамлар унинг офисига бостириб кириб ҳужум қилишган.
Маҳаллий нашрларнинг ўз манбаларига таяниб хабар беришларича, Мурод Хонтўраевнинг Чорсу майдонидаги «Тошкент» савдо марказига туташ қилиб қурилган бинодаги Silver Power компанияси офисига 26 ноябрь куни махсус қора кийимларда ва ниқобларда бўлган 6-8 киши бостириб кирган.
Бу одамлар Мурод Хонтўраев ҳамда у билан бирга бўлган, аввал қатор жиноятларда айбланиб судланган тошкентлик Анвар Р., ва бухоролик Икром С.,га ерга ётиш тўғрисида буйруқ берган.
“Улар давлат хизматлари ходимлари деб ўйлаган ва ерга ётишган. Номаълум шахслар Мурод Хонтўраев ва Икром С.ни ўткир буюмлар, арматура, резина тўқмоқ ва пневматик қуроллар билан калтаклаб, уларга тан жароҳатлари етказган ва ҳодиса жойидан яширинган (ижтимоий тармоқларда гумонланувчиларнинг қандай қилиб бинога бостириб киргани ва ундан чиққани тасвирланган видео тарқалди)”, дейилади хабарда.
Мазкур ҳолат бўйича Ўзбекистон Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми «б» ва «в» бандлари (безорилик, бир гуруҳ шахслар томонидан совуқ қурол ёки кишининг соғлиги учун амалда шикаст етказиши мумкин бўлган нарсаларни (қурол сифатида) намойиш қилиб, уларни қўллаш билан қўрқитиб ёхуд қўллаб) бўйича жиноий иш қўзғатилди.
27 ноябрь куни Мурод Хонтўраев 26 ноябрь куни тахминан 14:30 да "Тошкент" савдо маркази яқинида пичоқлангани ва шифохонага ётқизилгани хабар қилинган эди.
Мурод Хонтўраев бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, бош ўнг тепа соҳаси эзилиб ёрилган жароҳати, ўнг сон, думба соҳаси кўплаб санчилиб кесилган жароҳатлари (9та), иккала кўкрак соҳаси сидирилган жароҳати ташхиси билан шифохонага ётқизилган.
Мурод Хонтўраев жорий йилнинг 20 июнь куни Тошкентдаги "Аурум 898" тунги клуби яқинида безорилик қилганликда айбдор деб топилиб 16,2 миллион сўм жаримага тортилган эди.
Юнусобод туманидаги "Аурум 898" клубида 8 августдан 9 августга ўтар кечаси, тахминан, соат 00:25 ларда пичоқбозлик оқибатида эркин кураш бўйича халқаро тоифадаги спорт устаси, 25 ёшли Жамшид Кенжаев ҳалок бўлган эди.