27 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси жиноят ишларини тергов қилиш бошқармаси томонидан Самарқанд вилоятининг собиқ ҳокими Туробжон Жўраев ва унинг жиноий шерикларига оид жиноят иши тегишли тартибда кўриб чиқиш учун жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди муҳокамасига юборилди.
Бу ҳақда Озодликка собиқ ҳоким Туробжон Жўраевга яқин икки киши маълум қилди. Уларнинг айтишича, кейинги ҳафтада суд муҳокамасига қўйиладиган жиноят ишида давлат сирларига оид қисмлар мавжудлиги боис иш судда ёпиқ тартибда кўрилади.
Жиноят ишида Самарқанд вилоят ҳокимлигининг тўрт нафар масъул ходими Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167-моддаси (Мол-мулкни талон тарож қилиш), 205-моддаси (Мансаб ваколатини суиистъеомол қилиш) ва 210-моддаси (Пора олиш) билан айбланмоқда.
Жиноят иши материалларига кўра, Самарқанд вилоят ҳокимлигининг бир гуруҳ мансабдор шахслари 2017-18 йилларда жами 2 миллион АҚШ долларидан ортиқ миқдорда пора олиб, мансаб ваколатларини суиистеъмол қилган.
Хусусан, Самарқанд вилоят ҳокими, Олий Мажлис сенатори Туробжон Жўраевнинг 1 850 000 АҚШ доллари миқдорида пора олгани ва мазкур маблағ унинг хизмат сейфидан далилий ашё сифатида олинганига оид фактлар мавжудлиги жиноят иши материалларида келтирилгани айтилди.
Мазкур жиноят иши халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашининг 13 июль куни ўтказилган навбатдан ташқари сессиясида иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раиси И.Абдуллаевлар кўрсатмасига асосан қўзғатилган.
Самарқанд вилоятининг собиқ ҳокими Туробжон Жўраев ва унинг жиноий шерикларига оид жиноят иши тегишли тартибда кўриб чиқиш учун жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди муҳокамасига юборилгани тўғрисидаги хабарни Бош прокуратура матбуот хизмати тасдиқлади ва на инкор этди.