Хиванинг "Ичан қалъа"сида яшовчи одамлар бошқа жойга кўчирилади, тарихий обида ичидаги уйлар эса сайёҳлик объектларига айлантирилади.
Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, 29 ноябрда Хоразм вилоятига борган президент Шавкат Мирзиёев мана шундай топшириқ берди.
Расмий хабарда айтилишича, Хиванинг тарихий қисмида яшаётган аҳоли учун шаҳарга яқин бўлган ҳудудларда замонавий уйлар қурилади ва улар босқичма-босқич кўчирилади.
“Шавкат Мирзиёев шу ерда Хоразм вилоятининг туризм салоҳиятини ривожлантириш, Хива шаҳрининг тарихий қисмини батафсил режалаштиришга оид лойиҳалар билан танишди. Уларда мамлакатимизда халқаро бренддаги меҳмонхоналар бунёд этиш, савдо ва сервисни кенгайтиришга йўналтирилган режалар тақдим этилди”, дейилади хабарда.
Бундан ташқари, Президент хорижлик ишбилармонлар билан суҳбатлашиб, уларнинг инвестиция таклифлари бўйича кўрсатмалар берди.
"Ўзи бизнес нима дегани? Манфаат дегани. Ўзбекистонда туризм жуда манфаатли, истиқболли соҳа. Шунинг учун бу соҳага тадбиркорларни, инвесторларни кўпроқ жалб этиб, уларга «яшил йўлак» қилиб бериш керак", - деди президент