«Ўзбектелеком» АК томонидан «Халқаро пакетли коммутация марказлари ва маълумотлар узатиш тармоқларини кенгайтириш» лойиҳаси доирасида Халқаро пакетли коммутация маркази комплекслари модернизация қилинди ва шу тариқа ХПКМ комплексларининг умумий ўтказиш қобилияти 10 баравар: ўзгартирилган трафиги 110 Гбит/с.дан 1200 Гбит/с.гача ўсиши ҳақида маълумот берилди.
Бу ҳақда ЎзА ахборот агентлиги Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан телекоммуникация тармоқларини модернизация қилиш, Интернет тезлигини ошириш масаласига бағишлаб, 30 ноябрь куни Тошкентда ўтказилган анжуманда янграган баёнотларга таяниб хабар қилди.
Баёнот айнан кимнинг оғзидан чиққани ҳақда агентлик ёзмаган.
Айни пайтда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Facebook ва Youtubeнинг мамлакатда бир маромида ишлаши муаммо бўлиб қолаётганини қайд этди.
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ходимлари "Бу масала бизга тааллуқли эмас", деган. Бироқ бу борада вазирлик тез орада ўрганиш олиб бориб муаммони ҳал қилишга ҳаракат қилишини маълум қилган.