Ўзбекистон Украинадан шакар сотиб олишни тўхтатди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон Украинадан шакар сотиб олишни тўхтатди. Бу ҳақда Украина Шакар ишлаб чиқарувчилар миллий ассоциацияси -«Укрцукор» расмий сайтида 30 ноябрь куни маълум қилинди.

Расмий билдирувда айтилишича,Ўзбекистонга етказилган шакар ва бошқа юклар тушириб олинмаяпти ва божхона расмийлаштирувидан ўтказилмаяпти.

“Бундай вазият Украинадан юкларни қабул қилиш тақиқлангани муносабати билан вужудга келди”, дейилади хабарда.

Ўзбекистон томони ҳозирча бу хабарга расман муносабат билдирмади.

«Укрцукор»нинг таҳлил бўлими бошлиғи Руслан Бутилога кўра, сўнгги ярим йилда украин шакарининг асосий харидори Ўзбекистон бўлган. Бунинг оқибатида Украина асосий шакар бозорларидан бирини йўқотмоқда.

Хабарларда айтилишича, 2017 йилда Украина умумий қиймати 279,9 миллион доллар бўлган 598,7 минг тонна шакар экспорт қилган. Бу шакарнинг 60 фоизга яқинини Ўзбекистон сотиб олган.

Ўзбекистон ва Украина ўртасидаги иқтисодий алоқалар жорий йилнинг октябрида автомобил савдосидаги муаммолар ортидан сустлашган эди.

Украина халқаро савдо маҳкамалараро комиссияси Украина автомобилсозлар ассоциацияси шикояти асосида Ўзбекистондан енгил автомобиллар импортига нисбатан антисубсидицион текширувларни бошлаган. Ўзбекистон бу текширувни Украинанинг ўз бозоридан ўзбек маҳуслотларини сиқиб чиқариш ҳаракати сифатида баҳолаган эди.

Ўшанда Олий Мажлис депутатлари Ўзбекистонга Украина маҳсулотларининг олиб кирилишини чеклашни таклиф қилган эдилар. Шундан сўнг Ўзбекистон томони Украинада ишлаб-чиқарилган дори-дармонларни божхонда расмийлаштиришни тўхтатган эди.