Украин дориларини Ўзбекистонга олиб киришга рухсат берилди. Украина ўзбек автоларига нисбатан текширувни тўхтатди

Иллюстратив сурат.

Бир ой давом этган норасмий тақиқдан сўнг Ўзбекистонга Украинада ишлаб чиқарилган дори-дармон маҳсулотлари қайта киритила бошланди.

Ўзбекистон томони 3 ноябрда украин дори-дармон маҳсулотларини божхонада расмийлаштиришни тўхтатган эди. Айни пайтда эса бу маҳсулотлар учун Ўзбекистон чегараси очилди.

Яқин кунларда Украинадан шакар сотиб олиш масаласи ҳам ижобий ҳал этилиши кутилмоқда.

Бу борада Украин фармацевтика ширкатлари вакиллари ва ҳукуматдаги манбасига таянган ҳолда 3 декабрь куни “Газета уз” маълум қилди.

Мазкур хабар Украина Иқтисодий ривожланиш вазирлиги 3 декабрь куни Киев Ўзбекистондан енгил автомобиллар импортига нисбатан антисубсидицион текширувларни тўхтатганини эълон қилганидан сўнг пайдо бўлди.

Ўзбекистон октябрь ойида бошланган бу текширувни Украинанинг ўз бозоридан ўзбек маҳуслотларини сиқиб чиқариш ҳаракати сифатида баҳолаган ва Украинада ишлаб-чиқарилган дори-дармонларни божхонда расмийлаштиришни тўхтатган эди.

30 ноябрь куни эса Украина Шакар ишлаб чиқарувчилар миллий ассоциацияси -«Укрцукор» Ўзбекистон Украинадан шакар сотиб олишни тўхтатганини билдирганди.

Хабарларда айтилишича, 2017 йилда Украина умумий қиймати 279,9 миллион доллар бўлган 598,7 минг тонна шакар экспорт қилган. Бу шакарнинг 60 фоизга яқинини Ўзбекистон сотиб олган.