Қирғизистон пойтахти Бишкекдаги БМТ ваколатхонаси олдида йигирмага яқин фаол Шинжон-Уйғур мухториятида Хитой ҳукумати маҳаллий аҳолига нисбатан зўравонлик қилаётганига қарши норозилик намойиши ўтказди.
Қўлларига “Хитой фашизмига йўл йўқ” деган шиорларни кўтариб олган намойишчилар БМТ бош котиби Антонио Гутерришни Шинжон-Уйғур мухториятида уйғур, қирғиз ва қозоқ миллатига мансуб одамларни таъқиб қилиш амалиётини тўхтатиш учун кўмак кўрсатишга чақирди.
Намойишчилар БМТ Хавфсизлик кенгашини бу масала юзасидан махсус резолюция қабул қилишга ҳам чақирдилар.Аввалроқ Бишкекда Хитойлик қирғизларни ҳимоя қилиш қўмитаси ташкил этилган эди.
Бундан аввал Қозоғистонга кўчиб келган хитойлик этник қозоқлар ҳам Олмаотада бир неча тадбир ўтказиб, қозоқ ҳукуматини «қайта тарбиялаш лагерлари»даги яқинларини озод этишга кўмаклашишга чақирган эди.
БМТнинг август ойида ўтказган текшируви натижасида Шинжон-Уйғур мухториятида 1 миллионга яқин мусулмон «экстремизмга қарши кураш» баҳонасида «қайта тарбиялаш лагерлари»да сақланаётгани аниқланган. Хитой бу маълумотларни инкор қилиб келмоқда.