Россиялик таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Людмила Алексеева 92 ёшда вафот этди

Таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси ҳамда мухолифатчи  Людмила Алексеева Парижда, 28 сентябрь, 2015 йил

Таниқли инсон ҳуқуқлари фаоли ҳамда мухолифатчи Людмила Алексеева 92 ёшда вафот этди.

Россия президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш раҳбари Михаил Федотов: "[Алексеева] умрининг охиригача инсон ҳуқуқлари фаоли бўлиб қолди. Ўз ҳаётини дўстлари ҳаётига бағишлади. Бутун инсон ҳуқуқлари жамияти учун бу катта йўқотиш бўлди", деди.

Кенгаш эълон қилинган баённомада Алексеева жорий йилда Москвадаги 15-сонли шифохонада бир неча марта даволангани айтилади.

Алексеева инсон ҳуқуқлари соҳасидаги фаолиятини 1960 йилларда бошлаган. Археология соҳасида таҳсил олган фаол, Совет Иттифоқидан кўнгли қолгач, академик карьерасини тўхтатган.

Алексеева совет ҳукумати расмийлари қаҳрига учраган шахслар, жумладан Андрей Синявский ҳамда Юлий Даниэль каби ёзувчиларни ҳимоя қилган.

Фаол 2017 йил Россия президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари ҳамда Фуқаровий жамият кенгашлари йиғинида шундай деган эди:

- Одамлар аҳмоқ эмас. Москва фуқаролари, сизнинг [президент Путин] ватанингиз Санкт-Петербург ҳамда бир миллиондан ошиқ одам истиқомат қиладиган шаҳарларда аҳоли давлат телеканалларини кўришни тўхтатяпти. Улар Интернетга ўтмоқдалар. Бир вақтнинг ўзида ёши кексалар орасида норозилик руҳи радикаллашмоқда. Мен ўзим табиатан радикал эмасман. Бу каби радикализация менга керак эмас, лекин бу кишилардаги норозилик руҳининг яширинча тус олиб кетишини ҳам истамайман.