Ўзбекистонда 2019 йилда Тошкент, Жиззах, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятида 7та сув омбори барпо этади. Бу ҳақда президент Деҳқон ва фермерлар куни муносабати билан йўллаган табригида маълум қилди.
Президент сайтида эълон қилинган табрик матнида айтилишича, 2019 йилда сув омборлари тармоғини кенгайтириш ҳисобидан лалми ерларни ўзлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилади.
Бу мақсадни амалга ошириш учун Тошкент вилоятида жами 45 миллион куб метр сув йиғиладиган “Паркентсой”, “Қизилсой”, “Тоштепа”, Жиззах вилоятининг Фориш туманида “Караман”, Қашқадарё вилоятида “Гулдара”, “Аяқчисой”, Самарқанд вилоятида “Булунғур” сув омборлари барпо этилади.
Келгуси йилда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш мақсадида Давлат бюджетидан қарийб 1,7 триллион сўм, халқаро молия институтларининг 84 миллион доллар миқдоридаги маблағини йўналтириш режалаштирилмоқда.
Келгуси икки йилда эса 1 миллион 200 минг гектар ернинг сув таъминоти барқарорлаштирилади, йилига 1 миллиард 700 миллион куб метр сув тежалади ва 600 минг гектар ернинг мелиоратив ҳолати яхшиланади.