Росгвардия бошлиғи Алексей Навальнийни судга берди

Алексей Навальний ва Виктор Золотов.

Росгвардия бошлиғи генерал Виктор Золотов “ор-номусини ҳимоя қилиш” иддаоси билан мухолифатчи Алексей Навальнийни судга берди. Генерал адвокатининг ТАСС агентлигига айтишича¸ Золотов Навальнийдан маънавий зарарни қоплаш учун 1 миллион рубль талаб қилмоқда.

Золотов суддан Навальний томонидан тарқатилган маълумотларни ўз шаънини булғовчи ва ҳақиқатдан йироқ деб топишни сўрамоқда.

Генерал адвокатига кўра¸ агар Золотов судда ютиб чиқса¸ 1 миллион рубль болалар уйига ўтказилади.

Август ойида Навальний асос солган Коррупцияга қарши кураш жамғармаси Виктор Золотовни катта миқдордаги коррупцияда айбловчи видеоролик тайëрлаган эди.

Унда Золотов Росгвардия эҳтиëжи учун керак озиқ-овқатни ўзига тегишли компаниялар орқали бозор нархидан уч баравар қимматга олиш ва шу йўл билан миллиардлаб рубль пулни ўзлаштирганликда айбланган эди.

Сентябрь ойида Золотов¸ ўшанда ҳибсда сақланаëтган Навальнийни «дуэл»га чақириш билан ижтимоий тармоқларда кулги-мазахга сабаб бўлган эди.

Ҳибсдан чиққанидан сўнг Навальний Золотовни жонли телемунозара шаклидаги «дуэл»га чақирган эди.