Ўзбекистон Украинадан шакар сотиб олишни қайта бошлади. Бу ҳақда Украина Шакар ишлаб чиқарувчилар миллий ассоциацияси - «Укрцукор» расмий сайтида 11 декабрь куни маълум қилинди.
«Укрцукор» 30 ноябрда Ўзбекистонга етказилган шакар ва бошқа юклар тушириб олинмаяётгани ва божхона расмийлаштирувидан ўтказилмаётгани ҳақида маълум қилган эди.
“Бундай вазият Украинадан юкларни қабул қилиш тақиқлангани муносабати билан вужудга келди”, деб билдирилган расмий хабарда.
«Укрцукор»нинг таҳлил бўлими бошлиғи Руслан Бутилога кўра, сўнгги ярим йилда украин шакарининг асосий харидори Ўзбекистон бўлган. Биргина ноябрь ойида Ўзбекистонга Украинада ишлаб чиқарилган шакарнинг 47 фоизи жўнатилган.
Ўтган ҳафтада бир ой давом этган норасмий тақиқдан сўнг Ўзбекистонга Украинада ишлаб чиқарилган дори-дармон маҳсулотлари қайта киритила бошлангани хабар қилинган эди.
Мазкур хабар Украина Иқтисодий ривожланиш вазирлиги 3 декабрь куни Киев Ўзбекистондан енгил автомобиллар импортига нисбатан антисубсидицион текширувларни тўхтатганини эълон қилганидан сўнг пайдо бўлди.
Ўзбекистон октябрь ойида бошланган бу текширувни Украинанинг ўз бозоридан ўзбек маҳуслотларини сиқиб чиқариш ҳаракати сифатида баҳолаган ва Украинада ишлаб-чиқарилган дори-дармонларни, ноябрь ойининг охирларида эса шакарни божхонда расмийлаштиришни тўхтатган эди.