Бишкек шаҳар Свердлов туман суди 11 декабрда 29 ёшли Марс Бўдўшевни Бурулай Турдаали қизини ўғирлаганликда ва кейин ўлдирганликда айбдор деб топди ҳамда 20 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди.
Марс Бўдўшевга Бурулайни ўғирлашда кўмаклашган дўсти Акмат Сейитов эса 7 йилга қамалди.
Жорий йилнинг 27 май куни Чуй вилоятининг Жайил туманида Марс Бўдўшев Бурулай Турдаали қизини ўзига турмушга чиқишга мажбурлаш мақсадида олиб қочган эди. Йўлда улар милиция томонидан қўлга олиниб, Жайил туман Ички ишлар бўлимига олиб келинган.
Милиция бўлимида милиционерлар йигит ва қизни бир хонага қамаб, ёлғиз қолдиришган. Бунинг ортидан Марс Бўдўшев Бурулайни пичоқлаб ўлдирган.
Бу воқеа қирғиз жамоатчилигида катта шов-шувга сабаб бўлгани оқибатида Жайил туман милициясининг қатор ходимлари, жумладан, раҳбарлари ишдан олинган.
Қирғизистонда уйланиш мақсадида қиз олиб қочиш анъанаси мавжуд. Мазкур анъана қонунчиликда тақиқланган бўлса-да, бу модда асосида деярли ҳеч ким жиноий жавобгарликка тортилмаган эди.
2012 йилгача қонунчиликда қиз олиб қочганларга уч йиллик қамоқ жазоси белгиланган эди. 2012 йилда қонунчиликка киритилган ўзгартиришлардан сўнг бу жиноят учун жазо муддати 10 йил қилиб белгиланган.