Ишлаётган пенсионерлар 1 январдан пенсиясини тўлиқ оладиган бўлди

Иллюстратив сурат.

Президент Шавкат Мирзиёев 12 декабрда имзолаган фармонга мувофиқ 2019 йил 1 январидан ишловчи пенсионерларга пенсия пули тўлиқ бериладиган бўлди.

«Фуқароларнинг пенсия таъминоти тизими самарадорлигини ошириш ва пенсионерларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонда, шунингдек, 2019 йил 1 январдан пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун иш ҳақининг максимал миқдорини энг кам ойлик иш ҳақининг саккиз баробаридан ўн баробаригача ошириш ҳам белгилаб берилди.

Расмий маълумотда билдирилишича, ҳозирда пенсияларни ҳисоблашда ўртача иш ҳақи 1 миллион 621 минг сўм деб олинади. 2019 йилдан бошлаб бу кўрсаткич 2 миллион 227 минг сўм бўлади. Бу эса пенсиялар ўртача 65 минг сўмдан 250 минг сўмгача оширилишини англатади.

Хабарда айтилишича, 533 минг нафардан кўпроқ пенсионернинг пенсияси қайта ҳисоб-китоб қилинади.

Молия вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига 1 январдан пенсияни ҳисоблашда қабул қилинадиган иш ҳақининг максимал миқдори оширилишини ҳисобга олган ҳолда пенсиялар миқдори қайтадан ҳисоблаб чиқилишини таъминлаш топширилди.

Шу кунгача ишлайдиган пенсионерлар пенсиясининг 50 фоизини олар эди.

Ўзбекистонда 3 миллион 87 минг нафар пенсионер бор. Улардан 118 минг 736 нафари меҳнат қилишда давом этмоқда.