Сенат раиси ҳам “Давлат тили тўғрисида”ги қонунга амал қилмаëтган вазирлик ва идораларни танқид қилди

13 декабрь куни Ўзбекистон Олий Мажлис Сенатининг ўн еттинчи ялпи мажлиси иш бошлади.

Ўзбекистон миллий ахборот агентлигининг ëзишича¸ ўз маърузасида Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошев “ўзбек тилини абгор ҳолатга олиб келаётган мутасаддиларни танқид қилган”.

ЎзАга кўра¸ Сенат раиси “Давлат тили тўғрисида”ги қонун ижроси ҳақида тўхталиб¸ “Биз доимо қонун, ижроси билан кучли эканлигини, жамиятда қонун устуворлиги, аввало, унинг ижроси қай даражада таъминлангани билан боғлиқлигини кўп таъкидлаймиз, деди раис. Афсуски, ҳатто қонун ижросини таъминлашга бевосита масъул бўлган вазирлик ва идораларда ҳам бу ҳақиқат моҳияти тўлиқ англаб етилгани йўқ”¸ деган жумладан.

Жорий ой бошида Адлия вазири ўринбосари М.Истамов жамоатчилик муҳокамасига қўйилаëтган аксар ҳужжатларни фақат рус тилида тақдим этаëтган вазирлик ва ташкилотларни “Давлат тили тўғрисида”ги қонуннинг 8-моддасига амал қилмаëтганлик учун танқид қилган эди.

"Ўтказилган таҳлиллар аксарият ҳолатларда норматив-ҳуқуқий лойиҳаларни ишлаб чиқувчи вазирлик, идора ва ташкилотлар ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталига муҳокама учун фақат рус тилида жойлаштирилаётганлигини кўрсатмоқда. Мазкур ҳолат кенг жамоатчилик ва тадбиркорлик субъектларининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда ҳамда муҳокама жараёнида уларнинг иштирок чекланишига олиб келмоқда", дейилган Адлия вазири ўринбосари М.Истамов имзолаган хатда.

1989 йили ижодкор зиëлилар ва демократик мухолифат талаби остида ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган эди.