12 декабрь куни regulation.gov.uz сайтида Ўзбекистон президентининг “Ўзбек цирк санъатини янада ривожлантириш ҳамда “Ўзбек давлат цирки” давлат муассасаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида” деб номланган қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
27 декабрга қадар муҳокамада бўладиган мазкур қарор лойиҳаси Ўзбекистон Маданият вазирлиги томонидан ҳозирланган.
“Циркни бошқарув тизими йиллар давомида қониқарсиз ташкил этилганлиги, шунингдек дастурлар ва томошаларнинг бадиий савияси кескин пасайиб кетганлиги натижасида охирги 20 йилда томошалар сони 1 052 тадан ҳозирги кундаги 200-250 тагача камайган”и айтилган қарорда давлат цирки бошқарувини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари белгиланган
Президент қарорида¸ жумладан¸2019 йилнинг 1 июнига қадар “Ўзбек давлат цирки” давлат муассасасини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ишончли бошқарувга бериш мақсадида инвесторни аниқлаш бўйича белгиланган тартибда халқаро танлов ўтказиш айтилган.
Шунингдек¸ қарорда 2020 йилга қадар томошалар сонини камида 500 тага, 2024 йилга қадар –1 000 тагача етказиш бўйича зарур чоралар кўриш¸ 2020 йилда цирк залининг томошабинлар билан тўлиши даражасини ўртача ҳисобда камида 60 фоизга ва 2024 йилга – 75 фоизга етказиш айтилади.
7 ноябрь куни Озодлик Тошкент циркидаги артист ҳайвонларнинг "кун сайин озиб, ўласи ҳолга келган"и ҳақида хабар бергани ортидан Ўзбекистон Маданият вазирлиги давлат циркидаги “абгор” аҳволни ўрганиш бошланганини маълум қилган эди.