АҚШ Сенати Яманга қарши урушда Саудия Арабистонини ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватлашни тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилди ва журналист Жамол Хашоггининг ўлдирилиши учун масъулиятни Саудия валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон зиммасига юклади.
13 декабрда қабул қилинган ҳужжатда президент Дональд Трамнинг Саудияни қўллаб-қувватлаш сиёсати танқид қилинди. Сенаторларнинг 56 нафари Яқин Шарқда АҚШнинг асосий ҳамкори бўлиб келган Саудияга ҳарбий кўмак кўрсатишни тўхтатиш учун овоз берди, 41 нафари қарши бўлди.
-Сиз фақат бизнинг иттифоқчимиз бўлганингиз учунгина жавобгарликдан қўрқмай одамларни ўлдира олмайсиз. Бу биз халқаро ҳамжамиятга етказишимиз зарур бўлган муҳим муждадир,- деди ҳужжат муҳокамасида сенатор Боб Менендес.
Мазкур ҳужжат мажбурий бажарилиши лозим бўлган қонун кучига эга бўлиши учун яна қатор жараёнлардани ўтиши лозим бўлади.
Саудия ҳукмдорларига мухолиф қарашдаги журналист Хашогги 2 октябрь куни Истанбулдаги Саудия қироллиги консулхонаси биносида ўлдирилган эди. Агентликлар Хашшогини ўлдирганликда гумонланган 21 одам Саудияда қўлга олинганини билдирган.
16 ноябрь куни Қўшма Штатлар журналист Жамол Ҳашшогини ўлдиришда иштирок этганликда гумонланаётган 17 нафар саудияликка нисбатан иқтисодий санкциялар жорий этган эди.
Уларнинг орасида валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмоннинг бош ёрдамчилари Сауд ал Қаҳтаний ва Моҳир Мутриб ҳам бор.
АҚШ Қахтаний Хашоггининг ўлдириш режасига раҳбарлик қилганлардан бири бўлган, деб гумонламоқда.