Мирзиёев ҳокимлар ваколатини қисқартириб, депутатларникини кенгайтиришини билдирди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳокимлар ваколатини қисқартириб, депутатларникини кенгайтиришини билдирди.

Мирзиёев бу ҳақда Қашқадарёга сафари давомида ўтказган селектор йиғинида маълум қилган.

"Депутатларга янаям кўпроқ ваколатлар бераман. Президент халқ вакилларига таяниши керак. Икки йил олдин лавозимга келганимда вақти келиб ҳокимлар сайланиши, ҳокимлар вилоят кенгашларига раҳбар бўлмаслигини айтгандим. Кейинги йилдан шундай бўлади", - деди президент Мирзиёев.

Ўз чиқишида Мирзиёев бир раҳбар ҳам ҳоким, ҳам кенгаш раиси бўлолмаслигини урғулаган.

"Керак бўлса, ҳоким кенгашга ҳисобот беради. Вилоят ва туман депутатларига ҳам ваколатлар берилади. Жамиятда рақобат бўлиши керак. Ҳамма бир-бирига қулоқ солиши керак. Йўқса, Ўзбекистон яна орқага кетади", деб таъкидлаган Мирзиёев.

Ўзбекистонда давлат бошқаруви авторитар тарзда тузилган бўлиб, ҳокимларни халқ сайламайди. Вилоят ҳокимлари президент томонидан, шаҳар ва туман ҳокимлари эса вилоят ҳокими томонидан тайинланади.