Саудия Арабистони АҚШ Сенатининг журналист Жамол Хашогги ўлдирилишига валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон алоқадор экани тўғрисидаги айбловини инкор қилди.
Саудия Ташқи ишлар вазирлиги АҚШ Сенатининг бу борада қабул қилган резолюциясини Саудия Арабистонини Қўшма Штатларда юз бераётган ички сиёсий конфликтларга жалб қилиш ҳаракати сифатида баҳолади.
«Жамол Хашшогининг ўлдирилиши Қироллик сиёсатининг моҳиятини англатмайди», дейилади Саудия баёнотида. Шунингдек, АҚШга Саудия Арабистони Эронга қарши курашдаги энг яқин ҳамкор экани ҳам эслатиб ўтилган.
АҚШ Сенати 13 декабрь куни Яманга қарши урушда Саудия Арабистонини ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватлашни тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилган ва журналист Жамол Хашоггининг ўлдирилиши учун масъулиятни Саудия валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон зиммасига юклаган.
Саудия ҳукмдорларига мухолиф қарашдаги журналист Хашогги 2 октябрь куни Истанбулдаги Саудия қироллиги консулхонаси биносида ўлдирилган эди. Агентликлар Хашшогини ўлдирганликда гумонланган 21 одам Саудияда қўлга олинганини билдирган.