Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг чегарадош вилоятлари раҳбарлари кенгашининг Ўш шаҳрида 18 декабрда бўлиб ўтган иккинчи мажлисида бош вазирлар Абдулла Арипов ва Муҳаммедқалий Абилғазиев икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамда инвестицион ҳамкорлик тўғрисидаги йўл харитасини имзолади.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
-Биз Қирғизистон Республикаси билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилиш ниятимизда собит эканимизни яна бир бор тасдиқлаймиз,-деди Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов учрашув пайтида.
Қирғизистон бош вазири Муҳаммедқалий Абилғазиев эса:
-2017 йилнинг 10 ойи ичида давлатларимиз ўртасидаги савдо айланмаси 300 миллион доллар атрофида бўлди. Бироқ биз бу кўрсаткични 500 миллион долларга етказиш устида ишлаймиз,-деб билдирди.
Қирғизистон қишлоқ хўжалик вазири Нурбек Мурашев Ўш учрашувида муҳокама қилинган савдо -иқтисодий ҳамкорлик масалаларининг айримларини журналистларга маълум қилди:
-Ўзбекистонга Қирғизистондан картошка олиб киришда муаммолар мавжуд эди. Бу масалани бугун гаплашдик ва ҳал қилдик. Ўзбекистон томони бизга 45та ташкилотнинг рўйхатини берди, бу ташкилотлар сони 70тага етиши мумкин. Ўзбекистонга қирғиз картошкасини сотишда энди ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Айни пайтда биз Ўзбекистондан қишлоқ хўжалик техникаларини сотиб оладиган бўлдик, -деди вазир.
Айни пайтда Қирғизистоннинг жанубий вилоятларидаги цемент заводларида ишлаб чиқарилган маҳсулотни ҳам Ўзбекистон сотиб олиши тўғрисида келишувга эришилган.
Андижон вилоятининг ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг айтишича, учрашув пайтида Ўш вилояти тадбиркорлари билан 5 миллион долларлик шартномалар имзоланди.
-Биргина Андижон вилояти билан Қирғизистон ўртасидаги савдо айланмаси 95 миллион долларни ташкил қилди. Бугунги учрашув давомида яна 5 миллион долларлик шартномаларни имзоладик. 2018-2019 йиллар учун Қирғизистон билан яна 210 миллион долларлик шартномаларимиз бор, - деди Шуҳрат Абдураҳмонов.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Учрашувда Ўзбекистон-Қирғизистон маданий алоқалари масаласи ҳам муҳокама қилинган. Бу ҳақда Ўзбекистон маданият вазири ўринбосари Озодбек Назарбеков гапириб берди:
-Ҳамкорликда кинолар олиш ва спектакллар ўйнаш масалалари кун тартибига чиқди. Хабарингиз бор, ёзда ўзбекистонлик бир қатор артистларга Тожикистон халқ артисти унвонлари берилди ва тожикистонлик бир нечта санъаткорларга ҳам Ўзбекистон халқ артисти унвонлари берилди. Агар қирғиз санъаткорлари билан ҳам ҳамкорликда яхши лойиҳаларни амалга оширсак, бу президентлар назаридан четда қолмайди, деб ўйлайман,- деди Озодбек Назарбеков.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Ўзбекистон ва Қирғизистон чегара вилоятлари раҳбарлари Кенгаши 2017 йил сентябрида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи доирасида имзоланган Битим асосида ташкил этилган эди.
Кенгашнинг биринчи мажлиси шу йилнинг 29-30 март кунлари Фарғона вилоятида бўлиб ўтган.