Бош прокуратура диний экстремистликда гумонланганлар қайд этиладиган “қора рўйхат” энди мавжуд эмаслигини билдирди.
19 декабрь куни Тошкентдаги Халқаро пресс-клубда журналистлар саволларига жавоб берган Бош прокурор ўринбосари Эркин Йўлдошев “қора рўйхат” бекор қилингани тўғрисида маълум қилди. Бош прокурор ўринбосарига кўра, айни пайтда Ўзбекистонда экстремизмга қарши кураш усуллари ўзгармоқда.
“Яқинда қабул қилинган "Экстремизмга қарши кураш тўғрисида"ги қонун ҳам террорчилик ва экстремизмга қарши кураш усуллари ўзгараётганидан, урғу профилактикага берилаётганига далолатдир", деб айтган Эркин Йўлдошев.
Тақиқланган диний-экстремистик гуруҳларга алоқадорлар, мойиллик кўрсатганлар ёки адашиб қўшилиб қолган кишиларнинг “қора рўйхати” мавжудлиги 2017 йилда президент Мирзиёев томонидан расман айтилган ва бу рўйхатдан адашганларни чиқариш ташаббуси кўтарилган эди.
Президент Шавкат Мирзиёев 8 декабрь куни Конституция қабул қилинганининг 26 йиллигига бағишланган маърузасида диний экстремистик гуруҳларга алоқадор кўрилган 20 мингдан зиёд фуқаро назоратдан чиқарилганини маълум қилган.
"Бир пайтлар диний экстремистик гуруҳларга алоқаси бор, деб назоратга олинган 20 мингдан зиёд фуқаро “махсус ҳисоблар”дан чиқарилди. Ман этилган ташкилотларга адашиб кириб қолган, қилмишига пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига ўтган фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича Республика идоралараро комиссияси тузилди", деб айтган президент.