Қиймати 1 миллион сўмдан бўлган давлат қимматбаҳо қоғозлари чиқарилади

Марказий банк биноси.

Молия вазирлиги Марказий банк билан биргаликда давлат қимматли қоғозлари билан ишлаш амалиётини қайта йўлга қўяди.

Марказий банк матбуот хизматининг маълум қилишича, мазкур амалиёт 26 – 28 декабрдан бошлаб тадбиқ этилади.

Олти ойлик, бир йиллик ва уч йиллик муддат билан муомалага чиқариладиган давлат қимматли қоғозларининг номинал қиймати бир миллион сўм бўлиши кутилмоқда.

Марказий банк қимматбаҳо қоғозлар ҳукумат активлари билан таъминланган ва Ўзбекистон резидентлари бўлган тижорат банклари ҳамда юридик шахслар ўртасида жойлаштирилишини ҳам билдирди.

"Мазкур қимматли қоғозларнинг ликвидлиги уларнинг иккиламчи бозорда сотиш имконияти билан таъминланади. Бунда инвесторда пул маблағларига эҳтиёж вужудга келган ҳолатда, улар ўзларига тегишли давлат қимматли қоғозларини иккиламчи бозорда ҳеч қандай чеклов ва харажатларсиз сотиш имкониятига эга бўладилар", дейилади маълумотда.

Давлат қимматли қоғозларидан олинадиган фоизли даромаддан даромад солиғи олинмайди. Хабарда қимматли қоғозлар фоиз ставкаси маълум қилинмаган.