Сўнгги икки йил ичида Суриядан Қозоғистонга 91 нафар бола қайтарилди. Бу ҳақда 19 декабрь куни Астанада ўтган матбуот анжуманида қозоқ расмийлари маълум қилдилар.
Қозоғистон Таълим ва фан вазирлигининг болалар ҳуқуқини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси ўринбосари Ержан Ерсаиновнинг айтишича, Суриядан қайтарилган 39 оиланинг 91 нафар фарзанди мамлакатнинг тўққизта вилоятида мавжуд бўлган реабилитация марказларига жойлаштирилган.
Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси жорий йилнинг июль ойида Озодлик радиоси қозоқ хизматига Сурия ва Ироқдаги террорчи ташкилотлар сафида қозоғистонлик 120 нафар эркак, 250 нафардан кўпроқ аёл ва 500 нафарга яқин бола борлигини билдирган эди.
Миллий хавфсизлик қўмитасининг раис ўринбосари Нургали Билисбеков эса жорий йил март ойида Сурияга кетган 125 нафар одам Қозоғистонга қайтиб келгани ва уларнинг 57 нафари судлангани, қолганларига нисбатан эса тергов ишлари давом этаётганини айтган.