19 яшар қиз тунги клубда икки йигитни пичоқлади

Тошкент шаҳар, Олмазор туман суди тунги клубда икки йигитга тан жароҳати етказганликда айбдор деб топилган 19 яшар қизга 5 йил муддатга озодликни чеклаш кўринишида жазо тайинлади.

Бу ҳақда хабар қилган Sevimli телеканалининг «Замон» дастурига кўра, судланган фуқаро Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми «е» банди (Қасддан баданга оғир зарар етказиш) ва 277-моддаси 3-қисми «г» (Безорилик) бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор топилган.

Айтилишича, жабрланувчи йигитлар қизга нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлигини билдириб, суддан судланувчи қизга енгиллик беришни сўраган.

Судланган 19 яшар қиз тунги клубга ўзининг онаси билан борган. У 2018 йил 6 октябрь куни тахминан соат 04:40 ларда Тошкент шаҳар Олмазор тумани Форобий кўчасида жойлашган «Ниҳол» тунги клуби олдида ўзаро келишмовчилик сабабли тўс-тўполон кўтарган. Жанжал давомида қиз йигитлардан бирининг қўлига енгил жароҳат етказган, иккинчи йигит эса оғир даражадаги тан жароҳати билан касалхонага ётқизилган.