21 декабрда Халқ депутатлари Тошкент шаҳар сессиясида шаҳар ҳокими лавозимига ҳоким вазифасини вақтинча бажариб келаётган Жаҳонгир Ортиқхўжаев тайинланди.
Бу ҳақда хабар қилган president.uz сайтига кўра, Ортиқхўжаев номзодини сессияда иштирок этган резидент Мирзиёев тавсия этди.
- Жаҳонгир Ортиқхўжаев Тошкент шаҳрининг шароитини, унинг иқтисодий-ижтимоий салоҳиятини, бу ердаги одамларни ва фаолларни яқиндан билади. Энг асосийси, қандай қилиб одамлар учун иш жойи ташкил этишни яхши билади, - деган Президент.
43 яшар Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳокимликка тайинлангунга қадар Tashkent City давлат унитар корхонаси директори ва айни пайтда «Артел Инжиниринг» (Artel Engineering) масъулияти чекланган жамияти директори бўлиб ишлаган.
Жаҳонгир Ортиқхўжаев бизнесига узоқ йиллар марҳум президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова ҳомийлик қилиб келгани ҳақидаги иддаолар мавжуд.
Ортиқхўжаевлар бизнеси Каримов даврида аввалига гуллаб¸ сўнгра жиддий босимларга учраган пайт ҳам айнан Гулнора Каримовага нисбатан муносабатнинг ўзгара бошлагани билан бир вақтга тўғри келгани кузатилади. Ўша пайт Ортиқхўжаевнинг ўзи¸ отаси ва ака-укаларига тазйиқлар бўлгани айтилади. Бу тазйиқлар ҳақида Гулнора Каримова 2013 йил 15 март куни эълон қилинган блогида ёзганди.
Ортиқхўжаев жорий йил 23 апрель куни Тошкентда Ашхобод боғининг очилиши пайти Мирзиёевнинг назарига тушгани айтилади. Боғ қурилишига бош-қош бўлган Ортиқхўжаев ўша куни Мирзиёев билан Бердимуҳаммедовга ҳамроҳлик қилганди. Орадан 3 кун ўтиб, Ортиқхўжаев пойтахтга ҳоким вазифасини бажарувчи этиб тайинланган.
Жаҳонгир Ортиқхўжаев Media Park, Atlas, ZOR TV, Multi MafeImzo, Ecobozor, Qanotchi, Autograph, Art Gallery ва Тошкентда янги қурилаётган "Дельфинарий"нинг ҳам эгаси экани айтилади. Бироқ Озодликда бу борада бирор расмий ҳужжат йўқ.