Уч ойдан ортиқ чет элда бўлганлар ОИТВ-анализ топширишга мажбурланиши мумкин

Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 23 сентябрда қабул қилинган “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида”ги қонунининг 15-моддаси биринчи қисми “Уч ойдан ортиқ муддатда хорижий давлатларда бўлиб қайтган шахслар”, деган жумла билан тўлдирилиши мумкин.

Қонунга киритилиши кутилаётган бу ўзгартиш ҳозирча лойиҳадир ва Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида эълон қилинди.

Қонун лойиҳасига тушунтириш хатига кўра, унга киритилиши кутилаётган бу ўзгартишдан мақсад, уч ойдан ортиқ муддатда хорижий давлатларда бўлиб қайтган шахсларни ОИВ инфекциясига мажбурий равишда текширувдан ўтказишнинг қонуний асосларини яратишдир.

Қонунни қабул қилиниши Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан қўшимча 30,0 млрд сўм маблағ ажратилишини талаб этади.

Маълумот учун: ОИВ инфекциясига бир нафар шахсни тезкор-экспресс усулда текшириш учун тест-системанинг нархи 15 минг сўмни ташкил этади (2018 йил 20 ноябрь ҳолатига биржа маълумоти). Олинган маълумотларга (Uza.uz сайти 18.11.2018й) кўра, бир йилда узоқ муддат давомида хорижий давлатларда меҳнат қилиб қайтган шахсларнинг сони ўртача 2,0 млн. нафарни ташкил этади.