Ўзбекистонликлар ёниб кетган автобуснинг эгаси Қозоғистонга экстрадиция қилинди

Мана шу автобусда 2018 йил 18 январда 52 ўзбекистонлик ёниб кетган эди.

Ўзбекистонлик 52 киши ёниб кетган автобуснинг эгаси Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрига экстрадиция қилинди. Tengrinews.kz нашрининг ёзишича, автобус эгаси Ордухан Мехтиев 1 декабрь куни Ўзбекистонда қўлга олинган эди.

Қозоғистон Бош прокуратурасининг билдиришича, Ордухан Мехтиев техник носоз автобусдан ноқонуний равишда фойдаланишда гумонланмоқда. У Чимкентдаги тергов изоляторида сақланмоқда.

Шу йилнинг 18 январь куни Самара-Чимкент автойўлининг Ақтўбе вилоятидан ўтадиган қисмида автобусда кетаётган 52 нафар Ўзбекистон фуқароси тириклайин ёниб кетганди.

Бу воқеадан сўнг Ордухан Мехтиевга нисбатан жиноят иши очилган, бироқ у Ўзбекистонга қочиб ўтиб, яширинган. Шундан сўнг у халқаро қидирувга берилган эди.

Ақтўбе суди 9 ноябрда автобуснинг уч ҳайдовчисини беш йилга озодликдан маҳрум этган. Суд уларни эҳтиётсизлик оқибатда одам ўлдириш ва автобусда ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузишда айбдор деб топган эди.