Швеция прокуратураси пайшанба куни уч кишига бу мамлакатда террор амалиётини амалга оширишни режалаштирганликда айблов эълон қилди.
Бу ҳақда Швеция матбуоти хабарларига таяниб, ВВС Ўзбек хизмати хабар қилди.
Айтилишича, тергов жами олти киши устидан олиб борилмоқда. Жиноят содир этганликда гумон қилинаётганлар ёши 30 билан 46 ўртасидаги Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқароларидир.
Швеция прокуратурасига кўра, агар террор ҳужуми амалга ошса, йирик шикаст ва талафотларга сабаб бўлган бўлур эди.
Айблов эълон қилинган уч киши "одамларни ўлдириш ва яралаш мақсадида кўп миқдорда кимёвий моддалар ва бошқа жиҳозларни қўлга киритиш ва сақлаш"да гумон қилинмоқда.
Олти кишининг барига терроризмни молиялаш айби ҳам қўйилган. Прокурорлар уларни ўзини "Исломий Давлат", деб атовчи гуруҳга пул юборишда айблашмоқда.
Маҳкама иши 7 январда очилиши кутилмоқда.
Айбланувчиларнинг барчаси айбловларни рад қилмоқда.
Ўзбекистон ва Қирғизистондан экани айтилган олтовлоннинг Швецияда қандай асосда яшаб келаётгани ҳозирча номаълум.
Олти кишидан беш нафари апрель ойида Швециянинг Стромсунд шаҳрида ўтказилган полиция рейди чоғида қўлга олинган. Олтинчи киши ҳибсда эмаслиги айтилади.
Рейдга гувоҳ бўлган қўшнилар Dagens Nyheter газетасига полиция бир уй четидаги омбордан 15 та йирик пластик контейнерларни чиқариб олганини айтган.
Dagens Nyheter газетасига кўра, гумон қилинаётганларнинг камида бир нафари Раҳмат Оқилов билан алоқада бўлган.
Самарқандлик 40 яшар Раҳмат Оқилов 2017 йил апрелида Швеция пойтахти Стокгольмда одамлар устига юк машинасини ҳайдаб беш кишини ўлдирганди. У жорий йил июнида бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм этилган.