Магнитогорскда ярим вайрона бўлган уй ҳаробалари остида бир суткадан кўпроқ қолиб кетган 11 ойлик чақалоқ тирик ҳолатда қутқариб олинди.
Челябинск вилоят губернатори Борис Дубровскийнинг айтишича, чақалоқ иссиқ йўргаклангани ва каравотда бўлгани учун омон қолган.
Касалхонага чақалоқ олиб келингач, унинг онаси ҳам топилди. Онасининг айтишича, чақалоқнинг аҳволи оғир.
31 декабрда Магнитогорскда кўп қаватли уйда юз берган портлаш оқибатида 9 киши ҳалок бўлгани хабар қилинган эди. Жароҳатланган 5 одам касалхонага ётқизилган. 30 нафар одамнинг тақдири эса номаълум бўлиб қолмоқда.
Челябинск вилоятида 2 январь мотам куни дея эълон қилинган. Россия Тергов қўмитаси кўп қаватли уйда портлаш нима сабабдан юз берганини текширмоқда. Дастлабки таҳминларга кўра, уйда газ портлаган бўлиши мумкин.