Хусусий тадбиркорларга қурилиш материаллари сотиш ва автомобиль ювиш тақиқланди

Иллюстратив сурат.

Якка тартибдаги тадбиркорларга қурилиш материаллари, цемент, шифер, ёғоч ва ёғоч маҳсулотларини чакана сотиш билан шуғулланиш тақиқланди. Бу маҳсулотларни сотиш учун юридик шахс мақомини олиш шарт бўлади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги 2 январь куни расман маълум қилди.

Бундан ташқари 2019 йил 1 январидан бошлаб алюминий (пластик) профилдан эшик, дераза ва бошқа буюмлар тайёрлаш, автотранспорт воситаларини ювиш каби фаолият турлари билан шуғулланиш учун ҳам албатта юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтиш лозим.

Адлия вазирлигининг билдиришича, бундай қарор қабул қилинишига якка тартибдаги тадбиркорларнинг солиқдан қочиш учун турли қонунбузарликларни содир этаётганликлари асос бўлган.

"Хусусан, автотранспорт воситаларини ювиш фаолиятини ташкил этган тадбиркорлар қўлида амалда ўнлаб шахслар ишлайди. Лекин ушбу тадбиркор ЯТТ сифатида рўйхатдан ўтгани сабабли, улар аслида тўлаши керак бўлган солиқнинг ярмини ҳам тўламайдилар.

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ якка тартибдаги тадбиркорлик жисмоний шахс томонидан амалга оширилади. Бунда якка турдаги тадбиркор 3 кишигача шахсни ёллаши мумкин.

Яъни, моҳиятан ҳам юқорида кўрсатиб ўтилган фаолият турлари билан ЯТТ шуғуллана олмайди. Масалан, маълумотларга кўра, алюминий (пластик) профилдан эшик, дераза ва бошқа буюмлар тайёрлаш билан шуғулланувчи цехда ўртача 5‒15 киши фаолият юритади", - дейилади расмий маълумотда.