Россиянинг Магнитогорск шаҳрида портлаш оқибатида қулаб тушган кўп қаватли уй вайронлари остидан яна жасадлар чиқариб олинди. Расмий маълумотга қараганда, 2 январь ҳолатига кўра, ҳалок бўлганлар сони 33 кишини ташкил қилди. Улардан 21 нафарининг шахси аниқланиб, қариндошларига топширилди.
Қутқарувчиларга кўра, айни пайтда вайрона остида яна камида 7 кишининг жасади бўлиши мумкин.
2 январь куни эрталаб, ҳалок бўлганлар сони жами 19 кишига етгани хабар қилинган эди. Айни пайтда вайрона остида 35 соат қолиб кетган 11 ойлик чақалоқ тирик ҳолатда қутқариб олингани ва Москвага онаси билан даволанишга юборилгани айтилган.
-Бахтли тасодиф туфайли боланинг мияси лат емаган, фақат бошининг уст қисми жароҳатланган. Танаси лат еган. Чақалоқнинг гемостазини ва танадаги сув балансини тўлиқ тиклашга муваффақ бўлдик,- деди Россия соғлиқни сақлаш вазири Вероника Скворцова.
Магнитогорскдаги кўп қаватли уйда 31 декабрда портлаш юз бергани оқибатида 1100 киши яшайдиган кўп қаватли бинонинг бир қисми қулаб тушган эди.
Россия Тергов қўмитаси кўп қаватли уйда портлаш нима сабабдан юз берганини текширмоқда. Дастлабки тахминларга кўра, уйда газ портлаган бўлиши мумкин.
Магнитогорскдаги фожиа ортидан Челябинск вилоятида 2 январь мотам куни дея эълон қилинган.