Магнитогорскда уй қулаши оқибатида ҳалок бўлган 39 одамни дафн этиш маросимлари бошланди

Уй вайроналарини тозалаш ишлари.

Магнитогорскда кўп қаватли уйнинг бир қисми қулаши оқибатида ҳалок бўлганларнинг жасадларини дафн этиш маросимлари бошланди.

ТАСС агентлигининг билдиришича, 4 январда Магнитогорскда 6 одам дафн этилади.

Озодлик радиоси тожик хизмати эса ҳалок бўлган 4 нафар тожикистонликнинг жасади ватанига жўнатилишини маълум қилди. Уларнинг барчаси бир оила аъзолари бўлган.

Сўнгги хабарларга қараганда, Магнитогорскда қулаган уй вайроналари остидан шу кунгача камида 39 жасад топилди. 3 январь куни қутқарув-қидирув ишлари тўхтатилди.

Магнитогорскдаги кўп қаватли уйда 31 декабрда портлаш юз бергани оқибатида 1100 киши яшайдиган кўп қаватли бинонинг бир қисми қулаб тушган эди.

Россия Тергов қўмитаси кўп қаватли уйда портлаш нима сабабдан юз берганини текширмоқда. Дастлабки тахминларга кўра, уйда газ портлаган бўлиши мумкин.