Жанубий Кореяда ишлаётган 23 ёшли ўзбекистонлик иш жойида бош мияси жароҳатлангани ортидан вафот этди.
Ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ташқи миграция масалалари бўйича агентлиги орқали Кореяга жўнатилган Ўзбекистон фуқароси Шарофиддин Чориев Ёнгнам шаҳридаги DHMC кемасозлик заводида ишлаган.
Маҳаллий нашрларнинг The Korea Times газетасига таяниб ёзишларича, ҳодиса 2 январь куни кечқурун содир бўлган. Қурилаётган кема корпусининг орқа қисмига пайвандланган 200 килограмлик метал тўсин тушиб кетиб, Шарофиддин Чориевнинг бошига урилган.
«Айни вақтда суд-тиббий экспертиза бўйича тадбирлар олиб борилмоқда. Ўзбекистон элчихонаси марҳумнинг жасадини ватанига жўнатиш учун ўлимни расмийлаштиришда кўмаклашмоқда», дейилади расмий хабарда.