Tesla Шанхайда 5 миллиард долларга электромобил заводини қурмоқда

Tesla Motors раҳбари Илон Маск.

Америкалик миллиардер, Tesla Motors ширкатининг бош директори Илон Маск 7 январь куни CCTV телеканалига берган интервьюсида Хитойда Tesla электромобилларни ишлаб чиқарувчи завод қурилиши бошланганини эълон қилди.

Tesla Gigafactory 3 деб аталган мазкур завод Шанхайда барпо этилади ва Хитойга киритилган энг йирик инвестициялардан бири ҳисобланади.

-Хитойнинг хориждаги рақобатдош фирмаларга очиқлик сиёсати барқарор ривожланишга омил яратди. Шунинг учун биз келажакка оптимистик нуқтаи назар билан қарамоқдамиз. Биз Хитойда бошқа ширкатлар билан ҳамкорликда электромобиллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилишини орзиқиб кутмоқдамиз,-деди Илон Маск.

Tesla раҳбарининг айтишича, заводнинг биринчи босқичи жорий йил ёзида якунига етказилади. Model 3 электромобилларини ишлаб чиқариш эса 2019 йил охирида бошланади.

Шанхайдаги завод қурилишига 5 миллиард доллар сармоя ётқизилиши режалаштирилган. Мазкур завод йилига 500 мингта электромобил ишлаб чиқаришга мўлжалланмоқда.