Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 10 январь куни Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги 7-ички ишлар бўлимида бўлиб, жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, жумладан, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасига замонавий вертолётлар ажратиш бўйича топшириқлар берди.
Бу ҳақда Давлат раҳбарининг расмий сайти хабар қилди.
Президент ташрифи давомида пойтахт ички ишлар органларини аҳолига янада яқинлаштириш мақсадида ташкилий-штат бўлинмасини мақбуллаштириш лойиҳаси билан танишди. Унга кўра, ички ишлар ходимларининг 86 фоизини қуйи бўғинга тушириш, туман ҳокимлиги, прокуратураси, солиқ инспекцияси ва бошқа идоралар билан ҳамкорликни кенгайтириш режалаштирилган.
– Профилактика ишлари таҳлилга асосланиши керак. Ҳар бир ҳуқуқни муҳофаза қилиш органида жиноятчиликнинг жойи ва тури бўйича чуқур маълумот бўлиши, бунинг учун давлат идоралари, жамоат ташкилотлари мунтазам бирга ишлаши зарур. Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, прокуратура – ҳаммаси халққа хизмат қилиши керак. Шу билан бирга, жамиятда ҳам жаҳолатга қарши маърифат кучли бўлиши лозим. Муҳит шундай бўлиши керакки, ҳеч ким жиноятга қўл ура олмасин, - деган Шавкат Мирзиёев.
Президентга тезкор навбатчилик қисмидаги инновацион технологиялар, ички ишлар ходимларининг ўзаро хабар алмашишини таъминлайдиган «Минор» дастури, ходимлар хизмат ўтаётган жой тўғрисида ахборотни кўрсатиш ва ташвиш хабарини жўнатиш учун мўлжалланган «UzGPS» тизими ҳақида маълумот берилди.
"Шавкат Мирзиёев мазкур ички ишлар бўлимидаги паспорт хизмати хонасида бўлиб, биометрик паспортларни расмийлаштириш жараёнини кузатди. Жаҳон стандартлари асосида ташкил этилган тергов хонасини кўздан кечирди", дейилади president.uz хабарида.
Ички ишлар бўлими базасида жойлашган фавқулодда хизматларни тезкор бошқаришнинг ягона тизими фаолияти амалий кўрсатиб берилди. Бунга «Қутқариш хизмати – 1050», «Ёнғин хавфсизлиги – 101», «Тез ёрдам – 103», «Қўриқлаш – 102» экипажи, штатдаги техника ва анжомлари билан намойиш этилди. Бу фавқулодда ҳолатларни тезкор бартараф этишга хизмат қилади.