Ўзбек муҳожири: Мени депортация қилишса, болаларимни ким боқади?

Соҳиб Содиқов фарзандлари билан

Россия 3,5 йил қамоқда ўтириб чиққан ўзбекистонликни 12 йилга депортация қилишга ҳозирланмоқда. Маҳаллий депортация изоляторида сақланаётган 34 ёшли қўқонлик Соҳиб Содиқов Самарада Россия гражданлари бўлган вояга етмаган 3 нафар фарзанди ва рафиқаси боқувчисиз қолаётганини Озодликка сўзлади.

Тольятти шаҳар СУВСИГИ (Хориж гражданларини вақтинчалик сақлаш маркази)дан Озодлик таҳририятига WhatsApp мессенжери орқали уланган асли қўқонлик Соҳиб Содиқов 29 декабрдан буён депортация хавфи остида қолаётганини билдирди.

Озодлик билан суҳбатда у декабрь охирларида 3,5 йиллик қамоқ жазосини ўтаб чиққани, аммо маҳаллий идоралар унинг қўлига Ўзбекистонга чиқариб юборилаётгани ва 12 йилга Россияга қайтиб киришни тақиқловчи ҳужжат топширишганини айтди..

- Мен анчадан бери – 1993 йилдан бери Самарада яшайман, ота-онам билан келганмиз. 2003 йилда ҳужжатларимни йўқотиб, гражданство ололмадим. 2011 йилда бу ерга укам келганди – у бандалик қилиб қолди. Шу баҳонада элчихонадан “юртга қайтиш” қоғозини олиб, Ўзбекистонга бориб, укамни кўмиб, паспорт қилиб келганман. 2013 йилда “скинхедлар” мени пичоқлашган эди. 24 жойимдан пичоқ еб, бир ўлимдан қолдим. Касалхонада пул зарур бўлиб ётганимда енимга танишларим келди. Бир одамни қўлида ишлаган пулларимни олиб беришни сўрадим улардан. Булар 17-18 кундан кейин боришган ва уни калтаклаб, пулларини, буюмларини олиб кетишган. Мен қилмаган ишим учун, гўё уларни ёллаганим учун 3,5 йилга қамалдим. Ўтириб чиққанимдан кейин мени қонун бўйича 12 йилга депортация қилишмоқчи,- дейди Соҳиб.

Соҳиб Содиқовни Самарада 3 фарзанди кутмоқда

Суҳбатдош Самарада 14 ёшли бир қизи, 12 ва 5 яшар икки ўғли борлигига қарамасдан Россиядан чиқариб юборилаётгани, улар боқувчисиз қолаётганини билдирди.

- 29 декабр куни мен озодликка чиқарилдим. Қўлимга депортация қоғозини беришди, мен эса бу қарор устидан шикоят қилишга ҳам имкониятим йўқ – ҳамма байрам таътилига чиқиб кетган. 15 январь куни бошлиқ келади деяпти – кейин ман олдига кираман экан. Қизим Содиқова Алина – 14 ёшда, Содиқов Темур - 12 ёшда ва Содиқов Амир – 5 ёшда. Ўзбекистонда мени яшайдиган жойим ҳам йўқ, уйларимизни сотворганмиз. Онам Ўзбекистонда ижарада яшайдилар. Мени 12 йилга депортация қиворса фарзандларим ҳаёти нима бўлади?! 3,5 йил усиз ҳам отасиз қийналишди болларим. Онаси ишламайди, ким боқади уларни? - деди Содиқов Соҳиб.

Ўзбекистонлик муҳожир йигит Озодлик орқали Россия ҳукуматига уни депортация қилмасликни сўраб, мурожаат қилди.

Тольяттининг Новозаводская кўчасида жой олган депортация лагерида Озодлик сўровига Соҳиб Содиқовнинг депортация қилиниши тўғрисидаги қарор маҳаллий миграция бўлинмаси томонидан чиқарилганини билдиришди.

Озодликка тақдим этилган Самара вилояти Ички ишлар бошқармасининг Миграция бўлими қарорида “гражданин Соҳиб Собирович Содиқовнинг Россия Федерацияси ҳудудида бўлиши жамоатчилик тартиби, россиялик гражданлар қонуний манфаатлари ва ҳуқуқларини жиддий хатар остига қўяётгани” важи билан депортация қилинаётгани кўрсатилганини кўриш мумкин.

Депортация қоғози

Москвалик юрист Светлана Саламова Озодлик билан суҳбатда ўзбек муҳожирини депортация қилмоқчи бўлаётган Россия расмий идоралари халқаро қонунларга хилоф иш тутаётганини маълум қилди.

- Умуман олганда уларнинг ҳаққи йўқ! Оила аъзоларини ажратмаслик тўғрисида халқаро конвенция мавжуд. Бироқ, афсуски, охирги пайтларда маҳаллий судлар бундай қарорларни ўз кучида қолдиришни бошлашди. Одатда хорижлик неча йилга қамалган бўлса, шунча вақтга депортация қилиниши керак. Болали одамни 12 йилга бадарға қилишдан нима наф?! Улар “Жиноят содир этган одамнинг россиялик болалари бўлса, ўз юртига олиб кетиб қарасин!” қабилида иш тутмоқда. Ҳар ҳолда, Содиқовда суд ёрдамида бу қарорни бекор қилиш имконияти бор, деди ҳуқуқ ҳимоячиси.

2014 йилнинг ўрталарида Давлат Думаси томонидан “Россия Федерациясига қириш ва чиқиш тартиби тўғрисида”ги 114- Федерал қонунга киритган ўзгартишларга кўра, Россия ҳудудида қасддан жиноят содир этган ва жиноий жавобгарликка тортилиб, уни ўтаб чиққан хориж ватандошлари мажбурий депортация қилинади.

Унда Россия гражданлари бўлган оиласи бор шахслар тўғрисида бирор гап-сўз юритилмаган.